Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бош мураббийлар ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Равшан Ҳайдаров :- Умуман олганда, ўйинни яхши тарзда ўтказдик деб ўйлайман. Таркибдаги муаммолар сабаб баъзи футболчиларни бошқа позицияда синаб кўрдик. Каримовнинг марказда жуда яхши ҳаракат қилишини кўриш ёқимли бўлди. Кўплаб вазиятларни юзага келтирдик ва улардан фойдаландик ҳам. Иккинчи бўлимда жуда чиройли футболни мухлисларга тортиқ этдик. Бугун ҳимоячилар кутилганидек ҳаракат қилишмади. Кўп бор хатоларга йўл қўйдик. Холмуродов ва Миладинович кичик жароҳат билан тўп тепишди. Уларнинг хатоларини шу жиҳат билан боғлаган бўлардим.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам "Бунёдкор" билан учрашувга одатдагидек тайёргарлик кўрамиз. Турнир жадвали бўйича ўша баҳс ҳеч нарсани ҳал қилмасдир эҳтимол, лекин "Бунёдкор"га қарши учрашув аҳамияти борлигича қолади. Балки, "Металлург" ўзига хос сенсация соҳиби бўлар. Футболда олдиндан бир нарсани аниқ айтиш қийин.
Сергей Ковшов :- Учрашувни яхши бошладик, аммо биринчи тайм охирида йўл қўйган
хатомиз ишимизни анча қийинлаштириб қўйди. Натижада иккинчи бўлим бошида мезбонлар юзага келган имкониятларидан фойдаланиб қолишди. Рақибимизнинг савияси бизникига қараганда анча юқори. "Пахтакор" таркибида Гейнрихни энг яхши ўйинчи бўлди деб кўрсатиш мумкин. У катта тажрибага эга ва буни ўз ўйини билан ҳам исботлади. Бундай ажойиб учрашув учун Сашани олқишлаб қўйиш мумкин.
Жамоада қолиш ёки қолмаслигимни аниқ билмайман. Шартномам 1 декабрь куни ниҳоясига етади. Келажагим ҳақида ҳали клуб раҳбарияти билан суҳбатлашганим йўқ. Аввал мавсумни тугатиб олайлик, кейин бу мавзуга ўтамиз.
manba: pakhtakor.uz